13 Апрел 2022 йил 424

Хоразм вилояти ИИБ да “Уч авлод аёллари” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди 

Жорий йилнинг 12 апрель куни хизмат сафари билан Хоразм вилоятида бўлиб турган ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғининг ўринбосари подполковник Н.Б.Миржалолова раислигида Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган аёл ходималар ва узоқ йиллар ички ишлар органлари хизмат қилиб нафақага чиққан аёллар ҳамда ИИВ Хоразм академик лицейининг ўқувчи қизлари ва ИИВ Академиясининг Хоразм вилояти ички ишлар органларида амалиёт ўтаётган курсант қизлари иштирокида “Уч авлод аёллари” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Мазкур учрашув давомида бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатини ички ишлар органларида фаолият юритаётган ва таълим олаётган хотин-қизларга нисбатан татбиқ этилишини самарали ташкил этиш, уларни ижтимоий фаоллиги ҳамда касбий ташаббускорлигини ошириш, шунингдек билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда подполковник Н.Б.Миржалолова сўзга чиқиб, иштирокчиларга мамлакатимизда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини етказиб, ички ишлар органлари ходимлари учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар билан таништирди. Маънавият маршрутига мувофиқ уюшган ҳолда барча хотин-қизларни маданий объектлар (музей, театр, тарихий қадамжолар)га ташрифларни ташкил этиш, психологик кўмакка муҳтож аёллар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш ва уларнинг муаммоларига ечим топишга кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзига, тартиб-интизомга, кийиниш маданияти ва одоб-ахлоқ қоидаларига, қонунийликка амал қилиш, маънавий-руҳий муҳит соғломлигини таъминлаш бўйича тушунтириб ўтди.

Йиғилиш якунида Хоразм вилояти ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали хизмат қилган подполковник Марҳабо Раҳимова пенсияга чиқиши муносабати билан унга миллий тўн кийдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек Хоразм вилоятининг фидойи, ўз касбига садоқатли, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш борасида ва жамоат ишларида фаол бўлган фахрий аёллари, амалдаги аёл ходималари ҳамда академик лицей   ўқувчи қизларидан бир гуруҳига ташаккурномалар топширилди.

Ўз навбатида психология фанлари бўйича фалсафа доктори Муҳайё Жуманиёзова томонидан ўтказилган психологик тренинг эса иштирокчи аёлларнинг руҳий ҳолатини янада яхшилашга ҳисса қўшди десак муболаға бўлмайди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахорот хизмати

Text to speech