14 Январ 2023 йил 542

Хоразм вилояти ИИБ да "Ватан ҳимоячилари куни" муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

Айни кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида “Миллий армиямиз -Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир” шиори остида Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ва “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Хоразм вилояти ИИБнинг байрамона безатилган залига ҳам соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари, фахрийлари ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг яқинлари байрам муносабати билан йиғилди.

Анъанага кўра байрам тадбири Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижроси билан бошланди.

Шундан кейин табрик учун сўз Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовга берилди.

Бошқарма бошлиғи ўз нутқида Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланганлигини, дунёда юзага келган ҳозирги мураккаб вазиятда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини, унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, энг қимматли бойлигимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасида тегишли тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижрога қаратилганлиги бугун ўзининг ижобий самарасини бераётганлигини таъкидлаб ўтди.

Шу билан биргаликда юртимизда тинчлик осойишталикни таъминлаш борасида  ички ишлар органларида амалга оширилган туб ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида сўз юритиб, Давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш йўлида ўз жонидан кечган ички ишлар органлари ходимларнинг ёрқин хотираси касбдошлари хотирасида мангу сақланишини эътироф этиб ўтди.

Шунингдек бошқарма бошлиғи ўз нутқи давомида Ички ишлар Вазирининг байрам муносабати билан йўллаган табригини ҳам ўқиб эшиттирди.

Тантанали тадбир тақдирлаш жараёни билан давом этди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан байрам арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган вилоят ИИБ ЖТСБ ходими кичик сержант Давронбек Мадрахимовнинг юксак мукофотга сазовор бўлганлиги яна бир бор эътироф этилди.

Ходимнинг эришган ютуқлари ва қўлга киритган ижобий натижаларини эътироф этиш уни келгусида янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди. Шуни инобатга олган ҳолда байрам муносабати билан Ички ишлар Вазирининг буйруғига асосан вилоят ички ишлар органлари ходимларидан бир гуруҳи вазирликнинг кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланган бўлса, яна бир гуруҳ фидойи ходимлар вилоят ИИБ бошлиғининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам тадбирига ички ишлар органларида узоқ йиллардан буён самарали хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналари таклиф этилиб, уларга фарзандини ватанга садоқат руҳида тарбиялаганликлари учун миннатдорчилик билдирилиб, байрам совғалари топширилгани эса иштирокчиларнинг чексиз олқишига сазовор бўлди.

Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркибининг доимий эътиборида бўлган фахрийлардан бир гуруҳига ва хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг яқинларига ҳам байрам совғалари улашилди.

Тадбир якунида тақдирланганлардан бир гуруҳи сўзга чиқиб, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак эътироф ҳамда ишонч учун ўз ташаккурларини билдириб, келгусида Ватанга ва халққа садоқат билан қилишга тайёр эканликларини айтиб ўтдилар.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech