1 Март 2023 йил 567

Хоразм вилояти ИИБ да “Хавфсиз ҳаёт учун барчамиз бирлашайлик” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида жорий йил 1 март куни  ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Бу галги матбуот анжумани мавзуси республикамиз бўйлаб жорий йилнинг март ойи “Хавфсиз ҳаёт учун” ойлиги деб эълон қилинганлигидан келиб чиқиб, “Хавфсиз ҳаёт учун барчамиз бирлашайлик” деб номланди.

Матбуот анжуманига ташриф буюрган блогер ва журналистларга мавзуга мос равишда “Хавфсиз ҳаёт учун” ёзуви туширилган нур қайтарувчи нимчалар тарқалди.

Матбуот анжуманида спикер сифатида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи полковник Жахонгир Садуллаев ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи подполковник Бахтиёр Машариповлар иштирок этди.

Матбуот анжумани аввалида вилоят ИИБ бошлиғининг матбуот котиби подполковник Зокир Исмоилов иштирокчиларни кун тартиби, муҳокама мавзуси ва спикерлар билан таништириб ўтди.

Полковник Жахонгир Садуллаев ўз сўзида мазкур матбуот анжуманини ўтказишдан кўзланган мақсад тўғрисида тўхталиб, бугунги кунда республикамизда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида бевақт халок бўлаётган ва жароҳат олаётган юртдошларимиз сони юқорилигича қолаётганлигини ташвишли холат эканлигини, йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш борасида ишлаб чиқилаётган чора-тадбирларни кундалик ҳаётга кенг татбиқ этишда ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларнинг ҳамкорлиги алоҳида ахамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шундан кейин подполковник Бахтиёр Машарипов 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даврида вилоятимиз ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, уларда холак бўлган ва жарохат олган юртдошларимиз тўғрисида батафсил маълумот берди.

Йўл-транспорт ҳодисалари натижасида жабрланган юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида тайёрланган видеолавҳа намойиш этилгач, савол-жавобларга ўтилди.

Журналист ва блогерлар томонидан берилган ҳар бир саволга масъул ходимлар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Ўз навбатида блогер ва журналистларга вилоятимиз ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни бевосита ЙПХ инспекторларига ҳамрохлик қилган ҳолда кенг жамоатчилик эътиборига етказишда ҳамкорлик таклиф қилинди.

Ижтимоий тармоқ блогерлари матбуот анжумани давомида муҳокама қилинган холатлардан келиб чиқиб, “Хавфсиз ҳаёт учун” акцияси фаол иштирок этишларини, ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб этишда фаол қатнашишларини таъкидлаб ўтдилар.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech