Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимларининг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди
Ёшларга эътибор - келажакка эътибор, демакдир. Шуларни инобатга олган ҳолда, бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, иқтидорларини намоён этишлари учун шарт-шароитларни яратиб бериш масалаларига давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.
Ёшлар билан ишлаш ва уларнинг комил инсон бўлиб етишишларини таъминлаш борасидаги зарур малака ва тажриба ички ишлар органларининг ходимларида мавжуд десак муболаға бўлмайди.
Шундан келиб чиқиб, Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай учрашувлардан навбатдагиси "Пайшанба - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" муносабати билан Янгиариқ туманида 5-сон умумий ўрта таълим мактабининг битирувчи синф ўқувчилари билан бўлиб ўтди.
Ўзаро ишонч ва самимийлик асосида бўлиб ўтган мазкур учрашувда ўқувчи ёшларга бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида барча соҳаларда яратилаётган имкониятлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Айниқса интернет ва ундаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан тўғри фойдаланиш юзасидан берилган тавсиялар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотиб, учрашув қизғин бахс-мунозараларга бой бўлди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати