Хоразм вилояти ИИБ Пробация бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар
Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида тарбиявий ишларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Пробация бўлими томонидан жиноий-ҳуқуқий соҳадаги қонунчилик ижросини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан чиқарилган суд ҳукм ёки ажримларининг ижросини таъминлаш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда назорат остидагиларнинг яшаш манзилида ҳамда иш жойларида мунтазам бўлишларига аниқлик киритиш, уларни тўлиқ текширувдан ўтказиш, ҳисобда туриб, жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб қочиб, яшириниб юрган маҳкумларга нисбатан қидирув эълон килиш, маҳкумларни ўз вақтида ишга жойлаштириш ва худудий корхоналар билан шартномалар тузиш, маҳкумларни суд ҳукмида белгиланган таъқиқ(чеклаш)ларга тўлиқ риоя қилинишига алоҳида эътибор бериляпти. Бунда суд ҳукми ва ажримлари ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, бу юзадан аниқ вазифалар белгилаб олинмоқда.
Қонунийлик ва меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш, йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари бўйича чиқарилган суд ҳукм(ажрим)ларининг ижросини таъминлаш мақсадида маҳкумларнинг ҳар бири билан якка тартибда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда профилактик суҳбатлар ўтказиляпти. Бунда содир этилган жиноятларнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси шунингдек, маҳкумларнинг шахси ва ҳулқ-атворига алоҳида эътибор берилмоқда.
-Ички ишлар органлари тизимидаги пробация хизмати олдига бугунги кунда долзарб бўлган вазифалардан бири, ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш белгилаб берилди,-дейди вилоят ИИБ Пробация бўлими бошлиғи, подполковник Ҳамид Казаков.-Ходимларимиз бу муҳим талаблар асосида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм этилган маҳкумлар билан кенг кўламдаги профилактик тадбирларни амалга оширишмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Пробация бўлимида 2194 нафар маҳкумлар ҳисобда турган бўлиб, улар суд ҳукм(ажрим)ларида белгиланган жазоларни ўтаб келишмоқда. Шундан 594 нафари аҳлоқ тузатиш ишларига, 383 нафари озодликни чеклаш жазосига, 4 нафари эса мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган. Шунингдек, 38 нафари шартли ҳукм қилинган,
215 нафари муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ва 960 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган маҳкумларни ташкил этади.
Суд ҳукм(ажрим)ларининг ижросини таъминлаш, ҳисобда турган маҳкумлар билан мунтазам равишда профилактик тадбирлар олиб борилаётгани боис 348 нафар маҳкумлар жазо ўташ даврида ўзининг ижобий томонларини кўрсатиб, тузалиш йўлига кирганлиги аниқланди. Бу юзадан жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судларига тақдимномалар юборилиб, юқорида қайд этилган маҳкумлар ўталмай қолган жазо муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган маҳкумларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масалалари бўйича ҳам бир қатор тадбирларни амалга ошираяпмиз. Жорий йилнинг ўтган даври таҳлилларига кўра 56 нафар маҳкумлар судлар томонидан тайинланган жазодан бўйин товлаганлиги сабабли уларнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан бўлган жазо турига алмаштирилди. Шунингдек, ички ишлар органлари соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида олдинги йиллардан буён қидирувда бўлган 20 нафар маҳкум қўлга олиниб, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилди.
Мамлакатимизда инсонпарварлик тамойили устувор бўлганлиги учун ҳам бугунги кунда жиноят содир қилган шахсларнинг кўпчилиги жазони ижро этиш жойларидан муддатидан илгари шартли равишда ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилиб, ўз оиласи бағрига қайтиб келишяпти. Афсуски, яратиб берилаётган бундай имкониятлардан тўғри фойдаланмаётган, кечиримлиликни ўнгланиш учун эмас, балки яна бир жиноят содир этиш учун имконият, деб билаётган кимсалар ҳам учрамоқда.
Жазо муқаррарлигини таъминлаш, маҳкумлар онгида қонунга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш борасида Пробация бўлими томонидан жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари билан ҳамкорликда жойларда сайёр суд йиғилишлари ўтказилмоқда. Ушбу сайёр судларга пробация гуруҳлари ҳисобида турган маҳкумлар таклиф қилиниб, суд жараёнларида жазони ўташ даврида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилган, ишга виждонан муносабатда бўлган, тузалиш йўлига ўтган шахсларни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, суд томонидан ўрнатилган таъқиқ ва чекловларга риоя қилмаган айрим маҳкумларнинг жазо турларини оғирроқ жазога алмаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир қилинишининг олдини олиш, уларни аҳлоқан тузатиш, ижтимоий мослаштириш, касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида вилоят ИИБ ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Ёшлар Иттифоқининг вилоят кенгаши, бандлик бош бошқармаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, жазони ижро этиш жойларидан қайтиб келган шахсларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш кўникма маркази билан ҳамкорликда “Йўл харита”си ишлаб чиқилди ҳамда маҳкумларнинг хулқи, яшаш ва турмуш тарзи, бандлигини таъминлаш бўйича маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди. Бу борадаги таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 22 маротаба сайёр суд йиғилишлари, 14 маротаба “Ишга марҳамат!” сайёр тадбирлари бўлиб ўтди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 95 нафар фуқарога “Саҳоват ва кўмак умумхалқ хайрия дастури” доирасида ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида кундалик эҳтиёж моллари топширилди. Муайян касбга эга бўлмаган назорат остидаги 2 нафар шахс ўзлари қизиққан йўналиш бўйича таълим олиш имкониятига эга бўлишди.
Пробация бўлими томонидан жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукм ва ажримлари асосида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, муайян касб-ҳунарга йўналтириш каби кўплаб маданий-маърифий тадбирлар белгиланган карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказилмоқда.
Ўтказилаётган тадбирларда пробация назорати остида турган маҳкумларнинг муаммоларини аниқлаш, уларни қийнаётган масалаларни синчковлик билан ўрганиш ва амалий ёрдам бериш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, улар томонидан такроран жиноят содир этилишининг барвақт олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.