3 Сентябр 2021 йил 574

Хоразм вилояти ИИБ таркибидаги марказнинг маъмурий биноси фойдаланишга топширилди

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган чора-тадбирлар нафақат кенг жамоатчилик томонидан шу билан биргаликда ҳалқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак бахоланмоқда.

Буни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ёки бино-иншоатларни бунёд этиш замиридаги асосий мақсад фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилиш эканлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Инсон ҳаёти давомида турли вазият ва шароитларга тушиб қолиши мумкин. Хусусан муайян яшаш жойини ёки шахсига оид ҳужжатларидан ажралиб қолиши ҳам мумкин.

Хоразм вилояти ИИБ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига қарашли Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази айнан шундай ҳолатдаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Ушбу марказ томонидан шу кунга қадар фойдаланиб келинган бино маънан эскириб қолган эди.

Шу боис Хоразм вилояти ИИБ томонидан марказ учун янги бино қуриш ташаббуси илгари сурилди ва ушбу таклиф Хоразм вилояти Ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган ушбу маъмурий бино халқаро стандартлар асосида қисқа муддат қуриб битказилди.

Марказ маъмурий биносининг фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда Хоразм вилояти Ҳокими Ф.Ў.Эрманов, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов, ички ишлар органларининг бир гуруҳ ходимлари ва фахрийлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят Ҳокими 75 ўринли ушбу бинода сақланувчи шахслар учун зарур бўлган барча шароитлар яратилганлигини эътироф этиб, бинони қуришда фаол иштирок этган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

Рамзий лента кесгач, ташриф буюрган мехмонларнинг барчаси бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шундан кейин вилоят Ҳокими вилоят ИИБ бошлиғи ҳамрохлигида бугунги кунда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларида фойдаланиб келинаётган техникалар билан яқиндан танишди ва келгусида ички ишлар органларининг моддий-техник базасини бойитиш, соҳага инновацион техникаларни кенгроқ жалб этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech