25 Ноябр 2021 йил 619

Хоразм вилояти ИИБ ташаббуси билан “Вояга етмаганларнинг таълим тарбиясида ота-оналарнинг тутган ўрни” мавзусида семинар ўтказилди

Бугунги кунда, мамлакатимизда вояга етмаганларни ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг қирқ фоизини вояга етмаганлар ташкил этади. Ушбу кўрсаткичнинг ўзиёқ масала нечоғлик долзарб аҳамиятга эга эканидан дарак беради. Бу жараёнда ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари, умуман, кенг жамоатчилик зиммасига улкан масъулият юкланади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан “Вояга етмаганларнинг таълим тарбиясида ота-оналарнинг тутган ўрни” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарга вилоятдаги назоратсиз ва қаровсиз қолдирилганлиги сабабли  давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар таклиф этилди. Улар дастлаб Хоразм вилояти ИИБ тасарруфидаги  “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам қўрсатиш маркази” фаолияти ва у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

Шу алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур марказда вояга етмаганларнинг мусиқа, спорт, компьютер технологиялари, китобхонлик, тикувчилик борасидаги қизиқишларини янада ривожлантириш учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек  марказга келтирилган ҳар бир вояга етмаганнинг соғлиги, кунига уч маҳал овқатланиши, кийиниши, таълим тарбияси ва дам олиши тизимли равишда йўлга қўйилган.

Лекин, бугунги кунда вояга етмаганлар жиноятчилигига барҳам бериш, уларнинг назоратсиз ва қаровсиз қолишини олдини олиш борасидаги ишларда айрим ота-оналарнинг тутган ўрни сезилмаяпти.

Семинарда сўз олган Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов ҳам айнан вояга етмаганларнинг назоратсиз ва қаровсиз қолишини олдини олиш борасида ота-оналарнинг масъулиятини ошириш,  тарбия аввало оиладан бошланиши, ота-она фарзандига биринчи тарбиячи эканлиги, ҳамда ота-она болалар тарбияси учун давлат ва жамият олдида жавобгар эканлиги тўғрисида тўхталиб, вояга етмаганларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишни ташкил этиш борасида жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамда маҳалла ўртасида узвий самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш долзарб масала эканлигига эътибор қаратиб, юксак ахлоқли, билимли, ватанпарвар ёшларни етиштириш пировард мақсад эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, семинарда Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосари, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят кенгаши директори, психолог-педагог ҳамда вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек семинарда иштирок этган ота-оналарнинг саволларига ҳам мутасаддилар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech