26 Октябр 2020 йил 727

Хоразм вилояти ИИБ томонидан ўтказилган тадбирларда гиёҳфурушлик билан боғлиқ бир неча жиноят фош этилди

Гиёҳвандлик - умр заволи ва тараққиёт кушандасидир. Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга йўналтирилган “Қорадори-2020” тезкор-профилактик тадбири ҳар йили икки босқичда амалга оширилади.

Жорий йилда мазкур тадбирнинг икки босқичи ҳам ўз якунига етган бўлсада, гиёҳвандликка қарши кураш узлуксиз давом этмоқда.

Жумладан, 2020 йил 14 октябрь куни Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Урганч шаҳрида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида, гугурт қутисига жойланган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга қонунга хилоф равишда сотишга уринган, 1988 йилда туғилган, Д.Х. жиноят устида қўлга олинди. Шунингдек унга ҳамроҳлик қилиб ёнида келган таниши, 1992 йилда туғилган М.Р.нинг ёни ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганида, у гугурт қутисига жойланган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзлаб чўнтагида сақлаб қўйганлиги маълум бўлди. Уларнинг иккаласига ҳам Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худди шунингдек, жорий йилнинг 19 октябрь куни бошқарма ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир натижасида, гугурт қутисига жойланган “марихуна” гиёҳвандлик воситасини 500 000 сўмга сотишга уринган, 1967 йилда туғилган Қ.Ў. ва 1996 йилда туғилган М.М. лар жиноят устида қўлга олинди. Суриштирув жараёнида, 1981 йилда туғилган А.Р. уларнинг жиноий шериги эканлиги аниқланиб ва унинг бошқарувидаги автомашина салони кўздан кечирилганида 14 дона гугурт қутисига жойлашган “марихуна” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадида сақлаб қўйганлиги маълум бўлди. Гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди. Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 20 октябрь куни вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан, Урганч туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган, М.М.   Урганч шаҳрида тўхтатилиб, ёнлари кўздан кечирилганида, унинг ёнидан 40 конвалюта “Трамадол ланнахер” таблеткаси топилди. Судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра ушбу таблеткалар таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжудлиги тасдиқланганлиги сабабли Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 24 октябрь куни ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида Қўшкўпир туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган, илгари судланган, Ш.Н. 49,36 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф 20 000 000 сўмга сотаётган пайтида жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Олиб борилган суриштирув жараёнида у ушбу “заҳри қотил”ни маҳалладоши, 1989 йилда туғилган, М.М. дан 15 000 000 сўмга сотиб олганлиги маълум бўлди. Ўзгалар ҳаёти ва соғлиғини заҳарлаш эвазига бойлик орттиришни кўзлаган ушбу шахсларга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech