8 Ноябр 2020 йил 883

Хоразм вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси фаолиятидан    

   Хоразм вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари халқаро аэропорт, темир йўл вокзаллари, бекатлар ҳамда у ердан ўтувчи йўловчи ва юк поездларининг хавфсизлигини таъминлаш, товар-моддий бойликларининг талон-тарож қилинишига йўл қўймаслик, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишдек муҳим вазифаларни амалга оширишда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда. Бунда асосий эътибор худуддаги тезкор вазиятни доимий равишда назорат қилиб бориш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, содир этилган ҳар бир нохуш ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган.

   Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хизмат ходимлари томонидан турли ҳуқуқбузарликлар содир қилган 1320 нафар фуқарога нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва улар қонун доирасида жавобгарликка тортилди. Шунингдек, шахсини аниқлаш имкони бўлмагани 3 нафар фуқаро вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБга қарашли реаблитация марказига, 11 нафар шахс эса норкология диспансерига жойлаштирилди. 

   Қидирув йўналиши бўйича амалга оширилган тезкор тадбирларда ҳам мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилди. Натижада қидирувда бўлган бир нафар шахс вилоят худудида ушланиб, қидирув йиғма жилди тугатилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан қидирув эълон қилинган шахслардан 2 нафари яъни тошкентлик Т. Санжар ҳамда фарғоналик Д. Ҳабибуллолар қўлга олиниб, тегишли тартибда ички ишлар бошқармаларига топширилди. Ўтган давр мобайнида худудда ўғирлик, талончилик, безорилик, фирибгарлик, оғир ва енгил тан жароҳатлари етказиш, қотиллик, номусга тегиш каби жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.

   -Бошқармамиз назоратидаги худудларда 30 та корхона ва ташкилот ҳамда 1 та Урганч халқаро аэропорти мавжуд,-дейди вилоят ИИБ Транспортда ХТБ бошлиғи, подполковник Мақсуд Худайберганов.- Темир йўллар атрофида 80 та маҳалла, 45 та ўқув муассасаси жойлашган. Ходимларимиз ушбу худудларда тезкор профилактик тадбирларни самарали ташкил этишга қаратишган. Ҳар хафтанинг пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” ва ҳар хафтанинг чоршанба куни “Темир йўлларда хавфсиз кун” тадбирлари мунтазам равишда ўтказиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор белгиланган худудлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, темир йўл иншоотларига шкаст етказмаслик, вояга етмаган ёшларни эътиборсиз қолдирмаслик каби кўплаб масалаларга қаратилган.

   Амалга оширилаётган кенг кўламдаги профилактик тадбирларга қарамасдан баъзи фуқаролар ҳамон қонун талабларига эътиборсиз муносабатда бўлишмоқда.

   Урганчлик А. Фароғат вояга етмаган М. Фотима ҳамда Д. Маржоналарни қўрқитиб, фоҳишаликка мажбурлаб, тадбирга жалб қилинган фуқарога бир ой муддатга ҳар бирини 500 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди. Жиноят содир этган бу кимсага нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, жорий йилнинг 12 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Урганч шаҳрида яшовчи Б. Шохруҳ ҳамда М. Отаназарлар ўзаро жиноий тил бириктириб, 2.56 грамм марихуна гиёҳванд моддасини сотган пайтида қўлга олинди.

   Темир йўлларда содир этилиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича ҳам қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Темир йўлнинг аҳоли зич жойлашган худудларидаги пиёдалар ўтиш жойларига огоҳлантирувчи белгилар ҳамда темир йўлнинг қўриқланмайдиган кесишмаларига огоҳлантирувчи қизил ва кўк ёнувчи чироқлар ўрнатилди. Хизмат худудида амалга оширилган бу каби профилактик тадбирлар натижасида бахтсиз ҳодисалар содир этилишига йўл қўйилмади.               

   Бугунги кунда айрим ёшларимиз ҳаётимизда учраётган баъзи салбий иллатлар, қолаверса, оила-турмуш доирасидаги муаммолар, ота-оналарнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги туфайли ҳуқуқбузарликка қўл уришмоқда. Хизмат ходимлари бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида темир йўлга яқин худудлардаги маҳаллаларда қатор профилактик тадбирлар олиб боришмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида белгиланмаган худудларда мақсадсиз юрган 94                 нафар вояга етмаганлар аниқланиб, улар тилхат орқали ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилди. Шунингдек, 9 нафар вояга етмаган ёшлар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун бу йўналишда тўпланган ҳужжатлар шаҳар ва туман ҳокимлиги қошидаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияларига юборилди.  

   Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари хизмат самарадорлигининг ошишида муҳим ўрин тутади. Шу боис, республика ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруқлари асосида ходимларнинг  маънавий онгини, маданиятини, сиёсий-ҳуқуқий билим савиясини ошириш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ходимларнинг оилавий шароитини ўрганиш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, хизматини муносиб баҳолаш ҳамда рағбатлантириб боришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўз хизмат фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган 69 нафар ходимлар пул мукофотлари, 5 нафари эса “Меҳр-саҳоват” кўкрак нишони билан тақдирланишди.  

   Шахсий таркиб билан ўтказилаётган тадбирларда ходимларнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка қатьий риоя этишини таъминлаш, ватанга ҳалол, виждонан хизмат қилиш шарафли бурч эканлигини, ҳар қандай машаққатли хизмат ортида юртимиз тинчлиги, халқимизнинг бахту-саодати тургани тушунтириб бориляпти.

 

                                                                                Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                      “Postda” мухбири.

Text to speech