Хоразм вилояти ИИБ ТХТБ масъул ходимлари томонидан тарғибот учрашуви ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” Акциядорлик жамиятининг 2019 йил 2 апрелдаги қўшма режасига асосан ҳар хафтанинг чоршанба куни “Темир йўлларда хавфсиз кун” сифатида белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар чоршанба куни мамлакатимиз темир йўлларида хавфсизликни таъминлаш, юк ва йўловчиларни ўз манзилига беталофат етказиш қаратилган профилактик чора-тадбирлар амалга оширилади.
Жумладан, Хоразм вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан навбатдаги “Темир йўлларда хавфсиз кун” доирасидаги профилактик тадбир хизмат кўрсатиш ҳудудининг энг чекка қисми бўлган, вилоят марказидан қарийб 130 км узоқликдаги Тупроққалъа туманининг чўл ҳудудида жойлашган “Турон” темир йўл разъездида ўтказилди.
Ушбу разъезд “Бухоро-Мискин” темир йўл линиясида жойлашган бўлиб, темир йўллар орқали йўловчи ва юк ташиш поездларининг ҳаракатланишида муҳим стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади. Айни кунларда бир суткада 4 та йўловчи ва 6 та юк поезди ҳаракатланувчи ушбу разъездда хавфсизликни таъминлашда темир йўл ишчилари билан Хоразм вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Питнак бекатидаги бўлинма ходимлари ўзаро ҳамкорликда самарали хизмат олиб бормоқдалар.
Бу борадаги ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилганлиги сабабли, 2020 йил давомида ушбу ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар қайд этилмади.
Жорий чоршанба куни Хоразм вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўтказилган тарғибот учрашувида Тошкент-Хива-Тошкент йўналишида “Афросиёб” тезюрар электропоезди ҳаракати йўлга қўйилиши муносабати билан темир йўл разъездида хизмат олиб борувчи ходимларга ўз хизмат вазифаларини бажаришга янада масъулият билан ёндашишлари тушунтириб ўтилди, ҳамда разъезд ҳудудида хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ўрганиб чиқилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати