Хоразм вилоятида “Энг намунали уюшма” танлови ўтказилади
Хоразм вилоятида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи уюшмалар ўртасида “Энг намунали уюшма” танлови ўтказилади. Бу ҳақда мазкур уюшмалар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов таклиф киритди.
Танловнинг асосий мезони сифатида уюшма таркибидаги йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиши ва йўл-транспорт ҳодисаларини содир этмаслиги белгилаб олинди.
2021 йил якунида танлов ғолиби бўлган уюшма номи эълон қилинади. Ғолиб жамоа вилоят Ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғаси билан тақдирланади.
Ўз навбатида таркибидаги ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб келган ва йўл-транспорт ҳодисаларини содир этган уюшмалар ҳам йил якунида эълон қилинади.
Хоразм вилоятида илк бор ўтказилаётган ушбу танлов намунали йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этиш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ўзининг ижобий самарасини бериши кутилмоқда.
Вилоят ИИБ бошлиғининг мазкур таклифини йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи барча уюшмалар қабул қилиб, танловда фаол иштирок этишларини билдириб ўтдилар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати