Хоразм вилоятида жамоат хавфсизлиги концепциясининг ижросига бағишланган конференция бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги Фармонига кўра қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепцияси” миллий хавфсизликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини белгиловчи муҳим ҳужжатдир.
25 апрель куни Хоразм вилояти ИИБ мажлислар залида бўлиб ўтган конференцияда айнан юқоридаги концепциянинг Хоразм вилоятида ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Конференцияда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари яъни Ички ишлар Вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Б.Т.Абдуллаев ҳамда Хоразм вилояти бўйича ишчи гуруҳ таркибига кирувчи органларнинг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Полковник Б.Т.Абдуллаев ўзининг кириш сўзида, концепция қабул қилинишининг зарурияти ва унинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтди.
Хусусан, концепцияга асосан эндиликда ички ишлар органларининг Жамоат тартибини сақлаш, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва Пробация хизматлари ўзининг хизмат вазифаларини бажаришда ягона бошқарув остида бирлашганлиги, бу эса ўз навбатида вазифаларни ўзаро ҳамкорликда, бир-бирига амалий ёрдам берган ҳолда бажариш имконини берганлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими таркибига кирувчи жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектларнинг аниқ вазифалари яна бир батафсил тушунтирилиб, улар томонидан амалга оширилган ҳамда келгусида режалаштирилган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Жумладан, Хоразм вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда вилоят прокуратураси масъул ходимларининг ҳисоботлари тингланди.
Конференцияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Бир сўз билан айтганда мазкур концепция жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонунчиликни янада такомиллаштириб, миллий хусусиятлар ва шароитларни эътиборга олган ҳолда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани татбиқ этган ҳолда, жамиятда тинчлик ва осойишталикнинг таъминланганлик даражаси ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради. Шу билан биргаликда жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралиги таъминланади, соҳада жамоатчилик билан узвий ҳамкорлик даражаси ошади, жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усуллари ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати