Хоразм вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш фаолияти маҳаллабай усулида амалга оширилади
Хоразм вилоятида 2021 йилда жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги ишларни маҳаллабай тарзда амалга ошириш бошланди.
Бунда вилоятдаги ички ишлар, прокуратура ва Миллий гвардия органларининг ходимлари маҳаллаларга бириктирилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг куч ва воситалари асосан криминоген вазияти оғир ва жиноятлар сони ошган маҳаллаларга жалб қилинди.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишнинг маҳаллабай усулининг ижобий томонларидан бири сифатида масъул ходимлар кундалик иш фаолиятини бевосита маҳалланинг ўзида бошлаб, кун давомида маҳаллада фаолият олиб боришидир. Бу эса маҳаллада яшовчи аҳолининг дарду-ташвиши ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини кенгайтирди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари бугунги кунда кенг жамоатчиликда ҳам жиноятчиликка муросасизлик руҳини оширмоқда.
Буни ёшларнинг ўз маҳалласини жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида “Жамоат назорати маскани” ва тунги патруллик гуруҳлари таркибида фаол иштирок этаётганида кўришимиз мумкин.
Шунингдек “Хавфсиз ва обод маҳалла” ҳамда “Рақамли маҳалла” концепцияси асосида маҳалла кўчалари ва объектларда кузатув камераларини ўрнатиш, қўриқлаш пультига улаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
“Хоразм тажрибаси” сифатида кўрилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишнинг маҳаллабай усули ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати