22 Январ 2021 йил 717

Хоразм вилоятида жиноятчиликни жиловлаш “маҳаллабай” усулида амалга оширилмоқда

2021 йилда жиноятчиликни жиловлаш борасида “Хоразм тажрибаси” сифатида кўрилаётган профилактик чора-тадбирлар бугун ўзининг ижобий самарасини беришни бошлади.

Содир қилинган жиноятларни фош этиш ва жавобгарликни таъминлашдан кўра, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш жамият учун фойдали эканлиги барчага бирдек аён.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Хоразм вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги мустаҳкамланди.

Бунда вилоятдаги ҳар бир маҳаллада профилактика инспектори билан биргаликда вилоят Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ва Прокуратура органларидан бириктирилган ходимлар томонидан кунлик тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Асосий эътибор аҳолининг шахсий дахлдорлик ҳиссини оширишга, ҳудудлар ва объектларни кузатув камералари билан жихозлаш ҳамда объектларни Қўриқлаш хизматининг “Техник қўриқлаш пультига”га улашга қаратилмоқда.

Шу билан биргаликда, олди олиниши мумкин бўлган, лекин жамоатчиликнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги сабаб маҳаллада содир этилган ҳар бир жиноят маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида, оғир ёки ўта оғир турдаги жиноятлар эса бевосита вилоят ИИБ раҳбарияти иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, маҳалланинг кириш-чиқиш жойига “Ушбу маҳаллада жиноят ошган”, “Жиноят содир этган шахслардан нафратланамиз” деган мазмундаги баннерлар ўрнатилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech