12 Ноябр 2022 йил 312

Хоразм вилоятида “Кадрлар хизмати фидойилари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

ИИВ Хоразм академик лицейида ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан нашрга тайёрланган “Кадрлар хизмати фидойилари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ҳамда лицей ўқувчилари иштирок этишди. Маънавий-маърифий тадбирни ИИВ Хоразм академик лицейи директори вазифасини бажарувчи, подполковник Азамат Матёқубов очиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилаётгани, ушбу маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шундай хайрли ишнинг узвий давоми эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, полковник Бернора Садиқова иштирок этиб, мазкур китобни тайёрлаш ва нашр этиш жараёнларига тўхталиб, китоб инсон тафаккурини бойитувчи, маънавиятини юксалтирувчи муҳим восита эканлигини, китобни ўзига дўст, деб билган ҳар бир киши ҳаёт қийинчиликларини осонгина енгиб ўтиб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши хусусида ўз фикрларини билдирди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда сўз олган вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилноза Боғибекова, вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Рустам Рахимов, ички ишлар органлари фахрийлари, истеъфодаги полковниклар Аминбой Тожиев, Шавкат Ибрагимов, Ғофиржон Давлатов, Ильмир Ҳамидулин, истеъфодаги подполковниклар Шавкат Отажонов, Баҳодир Рахимов, Мадамин Очиловлар “Кадрлар хизмати фидойилари” китоби ўқувчини бир зум бўлса-да, ўтмишга саёҳат қилишга чорлайдиган, ундаги ҳаётий воқеалар, хизмат жараёнлари эса ҳар бир кишини ҳаётга зийрак назар ташлашга ундайдиган асар бўлганлигини тилга олиб ўтишди. 

Маънавий-маърифий тадбирда хизмат вазифасини бажаришга масъулият билан ёндошаётган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларига ҳамда лицейнинг энг фаол ўқувчиларига “Фахрий ёрлиқ”лар, “Ташаккурнома”лар ҳамда китоблар совға қилинди.

     

                                                                          Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                 “Postda” мухбири.

 

   

Text to speech