7 Июн 2023 йил 648

Хоразм вилоятида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини ижро этишда ўзига хос тажриба яратилади

Жорий йилнинг 6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайхо Маҳкамова ва ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғининг ўринбосари, полковник Умида Абдуллаевалар томонидан Хоразм вилоятида ижтимоий профилактикани амалга оширишнинг ўзига хос тажрибасини яратишга қаратилган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Бош Вазир ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Янгибозор тумани “Очақалъа” маҳалласида бўлиб, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёхуд ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Шундан кейин, Янгибозор туманидаги барча маҳаллалар “бешлиги”, вилоят ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари ҳамда вилоятдаги барча шаҳар-туман ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида яқинда фаолият бошлаган “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳларининг аъзолари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.   

Таъкидлаш лозимки, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг ““Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида”ги қўшма қарорига кўра эндиликда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган профилактик инспекторлари етакчи модератор ҳисобланган ушбу тамойил маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси томонидан узвий ҳамкорликда амалга оширилади.

Семинарда тренерлар томонидан бугунги кунда ижтимоий профилактиканинг объекти бўлган, яъни бандлиги таъминланмаган меҳнатга лаёқатли бўлган, шу жумладан доимий даромад манбаига эга бўлмаган, фарзанд тарбиясига бефарқ муносабатда бўлаётган ота-оналар, алкоголни, шунингдек психотроп моддаларни ва кишининг ақл-иродасига кучли таъсир этувчи бошқа моддаларни суиистеъмол қилувчилар, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга ружу қўйган ёшлар, низоли оилалар аъзолари, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилиб, ижтимоий мослаштиришга муҳтож бўлган, узоқ вақт давомида ўзаро низо ва адоватда бўлиб келаётган шахслар, назоратсиз ва қаровсиз қолган 14 дан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар, турмушидан ажрашиб, ижтимоий-иқтисодий оғир аҳволга тушиб қолган аёллар, ғайриижтимоий хулқ-атворли ёшларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида Хоразм вилоятининг ўзига хос ва мос бўлган тажрибасини яратиш бўйича асослантирилган фикр-мулоҳазаларини билдирилди.

Шунингдек, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчисининг ўзига бириктирилган тоифадаги шахсларга профилактик таъсир кўрсатиш ва уларни ижтимоий мослаштириш фаолияти ҳар чорак якунида туман (шаҳар) миқёсида ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари бошлиқлари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими, ёшлар сиёсати ва спорт бўлими томонидан биргаликда муҳокама қилиниб, “маҳалла бешлиги”нинг фаолияти баҳоланиши иштирокчилар эътиборига етказилиб, келгусида ўз хизмат вазифаларини бажаришга янада масъулият билан ёндашишлари тушунтирилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech