24 Август 2023 йил 6286

Хоразм вилоятида “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактика куни” муносабати билан кенг қамровли профилактик тадбирлар олиб борилмоқда

24 август куни эрталаб Урганч шаҳри марказида “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида хизматолди йўриқномаси ўтказилди.

Унда Хоразм вилояти Ҳокими Жўрабек Раҳимов, вилоят прокурори адлия катта маслаҳатчиси Муродхон Ахмедов, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев, Миллий Гвардия вилоят бошқармаси бошлиғи полковник Илхом Бекчанов ва бошқа масъул раҳбарлар иштирок этдилар.

Йўриқномада сўзга чиққан Хоразм вилояти Ҳокими ва вилоят ИИБ бошлиғи томонидан  иштирокчиларга кун давомида амалга оширилиши лозим бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид тадбирлар тушунтирилиб, ушбу тадбирлар давомида кўзланган самарадорликка эришиш юзасидан зарур тавсия ва топшириқ берилди.

Шу билан биргаликда Давлатимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан маҳаллалар ва шаҳар-туман марказларида байрам тадбирларини ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлашни намунали тарзда ташкил этиш юзасидан ҳам топшириқлар берилди.    

Шунингдек вилоят ҳудудида ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол иштирок этиб келаётган ички ишлар органлари ходимларидан бир гуруҳи, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ёшлар етакчиларига пул ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шундан кейин, Хоразм вилояти Хокимининг вилоятда фаолият олиб бораётган профилактика инспекторлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда профилактика инспекторларининг шахсий ҳаёти ва хизмат фаолиятида учраётган муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Маҳаллалар, жамоат жойлари ва меҳнат жамоаларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид кенг қамровли тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech