4 Июл 2020 йил 853

Хоразм вилоятида “профилактика куни”да ов қуролларининг сақланиш тартиби текширилди

Хоразм вилоятида “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида турли тезкор-профилактик тадбирларни ўтказиш йўлга қўйилган.

Ов қуролига эга бўлган фуқаролар доимий равишда қурол ва унга тегишли бўлган ўқ-дориларни сақлаш тартибига қатъий риоя этишлари шарт, чунки бу борадаги ҳар қандай бепарволик фожеали тарзда якун топиши мумкин.

Ҳаваскор овчиларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш мақсадида 2 июль куни “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида   профилактика инспекторлари вилоятдаги ов қуролига эга бўлган барча фуқароларнинг хонадонларида бўлишиб, улар томонидан ов қуроли ва унга тегишли бўлган ўқ-дориларнинг сақланишини назорат тартибида ўрганиб чиқишди.

Қурол сақлаш учун мўлжалланган махсус хона ва сейфларнинг белгиланган қоидалар асосида жойлашуви билан биргаликда, махсус рухсатномаларнинг амал қилиш муддати ҳам текширилди. Бу борада камчиликларга йўл қўйган фуқаролар огохлантирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Профилактик тадбир юзасидан меҳнат жамоалари ва аҳоли орасида ўтказилган учрашувларда, ўқотар қуролларини ноқонуний тарзда сақлашнинг салбий оқибатлари, шу билан биргаликда ноқонуний сақланаётган турли ўқотар қуролларни ёки уларнинг ўқ-дориларини ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech