12 Декабр 2020 йил 589

Хоразм вилоятида “Тозалаш-Антитеррор” профилактик тадбири ўтказилмоқда

Маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида ўтказиладиган “Тозалаш-Антитеррор” профилактик тадбиридан кўзланган асосан мақсад жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш билан биргаликда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишдан иборатдир.

Жорий йилнинг 1 декабрь кунидан бошлаб Хоразм вилояти ҳудудида  навбатдаги “Тозалаш-Антитеррор” профилактик тадбири ўтказилмоқда. Тадбир давомида вилоят ички ишлар органлари томонидан ҳам бир қатор профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўқотар қуроллар билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, ов қуролига эга бўлган фуқаролар томонидан қурол ва уларнинг ўқ-дориларини сақлаш тартибига риоя қилинишининг аҳволи ўрганилмоқда.

Бу борада камчиликларга йўл қўйган ҳаваскор овчилар огоҳлантирилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур топшириқлар берилмоқда.

Албатта ушбу йўналишда ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида,  айрим фуқаролар тегишли ҳужжатларсиз уйида сақлаётган ов қуроллари ва уларнинг ўқ-дориларини ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech