8 Декабр 2022 йил 552

Хоразм вилоятида “Зўравонликсиз оила – фаровон ҳаёт сари” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди

БМТ Бош ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрь кунидаги резолюциясига кўра, 25 ноябрь куни – “Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни” деб эълон қилинган. Республикамизнинг барча ҳудудларида 25 ноябрдан 10 декабргача — “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни”га қадар кенг кўламли профилактик чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган эди.

Шу муносабат билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан “Зўравонликка қарши 16 кун” лойиҳаси асосида “Зўравонликсиз оила – фаровон ҳаёт сари” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда ҳуқуқ-тартибот идораларининг хотин-қизлар масалалари бўйича масъуллари, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг раҳбар ҳамда ходимлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган туман, шаҳарлардаги ижтимоий мослашув марказлари масъуллари иштирок этдилар. 

Очиқ мулоқотда сўзга чиққанлар юртимизда кейинги йилларда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил ва самарали саъй-ҳаракатлар, хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашнинг қонунчилик меъзонлари, аёлларга нисбатан куч ишлатиш, айниқса, оиладаги зўравонликни бартараф этишга жиддий аҳамият қаратилганлиги, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилигини таиминлаш, уларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларини олдини олиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш борасида тўхталдилар. 

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 10 ойи давомида вилоятда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 2 минг 134 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди. Бундан ташқари уларнинг аксарият қисмига психологик ёрдамлар кўрсатилди.

Мамлакатимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича саккизта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, яъни 2 та қонун, 1 та Президент қарори ва 5 та Ҳукумат қарори қабул қилинди. 2021 йил 9 декабрдаги “Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун шулардан биридир.

Қонун билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Натижада, 2019 йилда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан асос солинган меъёрий-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди.

Очиқ мулоқот давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенглигига эришиш мавзулари юзасидан маърузалар тингланди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech