10 Ноябр 2020 йил 831

Хоразмда оммавий спортни ривожлантириш борасидаги ҳамжиҳатлик

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятида дастлабки амалий жараёнларга киришилди.

Жумладан, маҳаллаларда ички ишлар органларининг ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида аҳолининг оммавий спорт билан шуғулланишга қизиқиши ортмоқда.

Албатта, айни кунларда спорт машғулотларини ўтказишда вилоятдаги аксарият маҳаллаларда мавжуд бўлган спорт мажмуалари имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Ҳудудий профилактика инспекторининг ўзи истиқомат ва хизмат қилувчи маҳалласида оила аъзолари билан эрталабки бадантарбия машқларини ўтказаётгани маҳалладошларига ижобий ўрнак бўлмоқда.

Шунингдек профилактика инспекторлари фуқаролар оммавий спорт машғулотлари билан шуғулланаётган ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки оммавий спорт машғулотларида турли ёшдаги аҳоли ихтиёрий равишда фаол иштирок этмоқда.

Келгусида ҳар бир маҳаллада спорт майдончаси, пиёдалар ва велосипед йўлакчаларини яратиш режалаштирилган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech