Хоразмда вояга етмаганлар назоратсизлиги бўйича рейд тадбирлари ўтказилмоқда
Ёшлар келажагимиз, шу боис уларнинг таълим ва тарбияси доимо эътиборда бўлиши даркор. Республикамизда 15 сентябрдан 15 октябрга қадар ўтказилиши белгиланган “Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқий маданият ва аҳлоқ-одоб ойлиги”дан кўзланган асосий мақсад ҳам ёшлар ва вояга етмаганлар орасида турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишдир.
Хоразм вилоятида мазкур ойлик доираси вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, Миллий гвардия, Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши, Халқ таълими бошқармаси ҳамда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ҳамкорлигида профилактик рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Рейд тадбирлари давомида асосий эътибор, карантин қоидаларига зид равишда фаолият юритаётган кўнгилочар масканларини аниқлаш ҳамда вояга етмаган шахсларнинг ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз кўнгилочар жойларда бўлиши билан боғлиқ ҳолатларга қаратилди.
Рейд давомида аниқланган, вояга етмаган болаларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаган, шу жумладан вояга етмаган болалари ҳуқуқбузарлик содир этган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар тааллуқлилиги бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий (шаҳар-туман) идоралараро комиссияларига юборилди.
Бундан ташқари алоҳида ғамхўрликка, шунингдек ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож бўлган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган ота-онаси бўлган ҳамда болаларнинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғдираётган ёки уларнинг таъминоти, тарбия ва таълим олишига доир талабларга жавоб бермайдиган шароитда яшаётган болаларга васий ёки ҳомий бириктириш масаласи юзасидан тўпланган ҳужжатлар Васийлик ва ҳомийлик органининг ҳудудий бўлимларига тақдим этилди.
Ойлик доирасидаги профилактик тадбирлар давом этади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати