10 Феврал 2021 йил 574

Хоразмда ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш ойлиги доирасида тарғибот тадбирлари давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан эълон қилинган “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги доирасида Хоразм вилоятида 1 февраль кунидан бошланган профилактик тадбирлар фаол давом этиб, вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказишда бевосита Хоразм вилояти ИИБ раҳбар ва масъул ходимларининг иштирок этаётганлиги эса профилактик ишларнинг сифат ва самарадорлигини янада ошишини таъминламоқда.

Жумладан, Урганч шаҳридаги 1 ва 2-сон академик лицейида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар билан ойлик доирасида ўтказилган учрашувда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи полковник М.Атабаев иштирок этиб, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек бугунги кунда мамлакатимизда хавфсиз туризмни таъминлаш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тушунтириб ўтди.

Полковник М.Атабаев келажак бунёдкори бўлган ёшларимиз ҳаётида гиёҳвандлик воситаларига ўрин бўлмаслиги кераклигини уқтириб,  уни салбий таъсирини кенг тарғиб қилиш орқали, ёшлар орасида тарқатилишига қарши курашда ўз ҳиссаларини қўшишга чорлади.

Учрашувда иштирок этган талаба ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари акс этган буклетлар тарқатилиб, ИИВ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган “Ўзини йўқотганлар” ва  “Биз  ОИТСга  қаршимиз, Сизчи?” номли видеофильмлар намойиш этилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech