4 Феврал 2021 йил 657

Хоразмда ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш ойлиги фаол давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан жорий йилнинг 1 февраль кунидан 1 март кунига қадар республикамизда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги деб эълон қилинганлиги тўғрисида илгари хабар берган эдик.

Айни кунларда Хоразм вилоятида мазкур ойлик доирасида таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда профилактик йўналишдаги тарғибот-ташвиқот ишлари фаоллик билан олиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Хоразм вилояти ИИБ ҳамда соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирокида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали талабалари ва ИИВ Хоразм Академик лицейи ўқувчилари билан ойлик доирасида ўтказилган учрашув юқори савияда ташкил этилди.

Учрашувларда бугунги кунда халқаро миқёсда ва республикамизда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида, шунингдек талаба ва ўқувчиларнинг мавзу юзасидан берган саволларига мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди.

Гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари акс этган, ИИВ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган “Ўзини йўқотганлар” ва  “Биз  ОИТСга  қаршимиз, Сизчи?” номли видеофильмларнинг учрашувларда намойиш этилаётганлиги ёшларнинг гиёҳвандликка қарши муросасизлигини оширишда ҳисса қўшмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech