1 Апрел 2021 йил 919

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасидаги ҳамкорлик

Хоразм вилоятида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасида вилоят Бандлик бош бошқармаси ва ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходимлари ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан Урганч шаҳрида янги бунёд этилган “Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономаркази”даги ўқув курсларининг аксарияти айнан хотин-қизлар учун мўлжалланган касб-ҳунарларни ўргатишга мўлжалланган.

Вилоят ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган ёки тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторларининг тавсияси асосида ушбу ўқув курсларига қабул қилиниши бўйича ўзаро келишув белгиланди.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга йўналтирувчи бу каби марказларни маҳаллаларда ташкил этиш кўзда тутилган. Жумладан, Урганч шаҳрининг “Жалолиддин Мангуберди” номли маҳалласида ташкил этилган ана шундай марказда бугунги кунда 10 дан ортиқ хотин-қизлар касб-ҳунар ўрганиш билан биргаликда, ўзини-ўзи иш билан ҳам банд қилмоқда.

Вилоят ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари мазкур марказларга ташриф буюриб, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳамда уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва маслаҳат бериш борасида учрашувлар ўтказиб бормоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech