4 Март 2023 йил 295

Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган спорт мусобақасида Хоразм вилояти ИИБ жамоаси ғолибликни қўлга киритди

Бугун мамлакатимиздаги барча соҳалар каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ҳам хотин-қизларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Айниқса хотин-қизлар шаҳодатланган таркибда эркаклар билан нафақат елкама-елка туриб хизмат қилиш билан биргаликда турли мусобақаларда иштирок этиб ўзларининг жисмоний ва жанговор қобилиятларини ҳам намоён этмоқдалар.

“Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан 8 март- “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан уюштирилган спорт мусобақасида Хоразм вилояти ИИБ, вилоят Миллий Гвардия бошқармаси, ДХХ вилоят бошқармаси, вилоят Божхона бошқармасида хизмат қилаётган хотин-қизлардан иборат 4 та терма жамоа қатнашди.

Иштирокчи хотин-қизлар спортнинг “Пневматик қуролдан ўқ отиш”, “Дартс”, “Шашка” ҳамда “Стол тенниси” турларида ўзларининг жисмоний   қобилиятлари ва эпчилликларини намоён этдилар.

Спортда омад кучлиларга кулиб боқади, деган ибора мазкур мусобақада ҳам ўз исботини топди.

Хоразм вилояти ИИБ терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган катта лейтенант Насиба Абдуллаева спортнинг “Стол тенниси” турида ўз рақибаларига имкон қолдирмаган бўлса, сафдор Наргиза Ўразбаева “шашка” мусобақасида ўзининг барчадан иқтидорлиги эканлигини намоён этди. Лейтенант Малика Матниёзова спортнинг “Дартс” тури бўйича ўтган синовда, ўзининг моҳир мерган эканлигини исботлаган ҳолда вилоят ИИБ терма жамоаси мусобақа шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

“Пневматик қуролдан ўқ отиш” йўналишида иштирок этган вилоят ИИБ жамоаси вакиласи катта сержант Умида Шокирова ҳам совриндорлар сафидан жой олди.

Мусобақада шахсий ва жамоавий ҳисобда совринли ўринларни қўлга киритган иштирокчиларга диплом, медаль ва қимматбахо совғалар тантанали равишда топширилди.

Дўстона ва муросасиз руҳда ўтган мусобақа якунига кўра Хоразм вилояти ИИБ терма жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллаган бўлса, ДХХ вилоят бошқармаси ва Миллий Гвардия вилоят бошқармаси терма жамоалари шохсупанинг  иккинчи ва учинчи поғонасини банд этишди.

Ташкилотчилар ўз навбатида иштирокчи хотин-қизларни байрам билан табриклаб, уларнинг келгусидаги касбий фаолияти ва шахсий ҳаётида омад ёр бўлишини тиладилар.

“8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан ўтказилган ушбу мусобақа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилиб келаётган хотин-қизлар ўртасида спортни  оммалаштиришга ҳисса қўшиши билан биргаликда, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларида ҳам муносиб ўрин тутди десак муболаға бўлмайди.   

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech