Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатилди
Сўнгги йилларда жамиятимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар янги босқичга чиққан.
Бугун жамиятимизда фаолият юритаётган ҳар қандай ташкилот бу борада ўз фаоллигини намоён қилмоқда.
26 январь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилояти Кенгашида бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам айнан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг вилоят кенгаши қошида ташкил этилган “Депутат аёллар клуби” аъзолари қатнашган мазкур йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Д.Боғибекова ҳам иштирок этиб, вилоятимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий профилактика йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот берди ва бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида “Депутат аёллар клуби” ва вилоят ИИБ ўртасида узвий ҳамкорлик ўрнатишни таклиф қилди.
“Миллий тикланиш” демократик партиясидан вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар кенгашларига депутат этиб сайланган хотин-қизлар мазкур йиғилишда масофадан туриб видеоконференц алоқа орқали иштирок этдилар ва кун тартибидаги масала юзасидан ўзларининг фикрларини билдириб, ички ишлар органлари билан ўрнатилган ҳамкорликни ижобий баҳоладилар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати