18 Ноябр 2021 йил 658

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси: Хоразм вилояти ИИБ томонидан экилаётган кўчатлар сони ортиб бормоқда

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Албатта бу борадаги чора-тадбирларни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ижобий самараси десак муболаға бўлмайди.

Хоразм вилоятида “яшил макон” лар ташкил этиш мақсадида олиб борилаётган ушбу эзгу ишларда вилоят ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол иштирок қилмоқдалар.

Янгиариқ, Урганч ва Хонқа туманлари Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида жорий этилган секторлар кесимига кўра Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлик қилувчи 3-сектор таркибига киради. Шу боис Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов кўчат экиш долзарб 40 кунлиги мобайнида ушбу туманларда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ бошқармаси “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ушбу туманларда сув етиб келиши қийин бўлганлиги сабабли фойдаланилмасдан турган ерларни обод қилиш ташаббуси билан чиқди.

Янгиариқ туманидаги мазкур ҳудуд ҳам ана шундай ерлар тоифасига киради. Ер тилини тушунадиган мутахассислар билан келишилган ҳолда ушбу саккиз гектар ерни тутзорга айлантириш режаси ишлаб чиқилди.

Эзгу иш албатта эзгу ниятлардан бошланади. Шу боис ҳам дастлаб эзгу ниятлар тилаган ҳолда дуо қилинди. Шундан кейин вилоят ИИБ бошлиғи Д.А.Назармуҳамедов ва туман Ҳокими А.К.Давлетовлар эгатларга кўчат экиш жараёнини бошлаб бердилар.

Кўпдан қуён қочиб қутилмас деганларидан бугунги эзгу ишга ўзининг ҳиссасини қўшиш учун келган ички ишлар органлари ходимлари ҳам кун давомида ушбу далага 24 минг донадан ортиқ тут кўчатини экишга эришдилар.

Бошқарма бошлиғи ушбу кўчатлар экилган далани келгусида сув билан таъминлаш, кўчатларнинг тўлиқ ривожланиши учун зарур бўлган агротехник ишловларни ўз вақтида амалга ошириш учун амалий ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек умуммиллий лойиҳа доирасидаги эзгу ишлар Урганч туманининг “Ҳамид Олимжон” номли маҳалласида уюшқоқлик билан ташкил этилди. Маҳалладаги ушбу 6 гектардан иборат далага 18 минг дона тут кўчати экилди. Бошқарма бошлиғи ушбу далада ҳам бўлиб, кўчат экиш лойиҳасида иштирок этаётган ходимлар билан елкама-елка кўчат экишда қатнашди.

Албатта барпо этилаётган ушбу тутзорлар келгусида мамлакатимизда ипакчилик саноатини шунингдек тут мевасидан олинадиган шифобахш шарбатлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech