22 Ноябр 2021 йил 474

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси: Хоразм вилояти ИИБ томонидан Хонқа туманида янги тутзор барпо этилмоқда

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.  

Хоразм вилоятида “яшил макон” лар ташкил этиш мақсадида олиб борилаётган ушбу эзгу ишларда вилоят ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол иштирок қилаётганликлари тўғрисида илгари айтиб ўтган эдик.

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов  вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор таркибига кирувчи Хонқа туманида эълон қилинган кўчат экиш “долзарб 40 кунлик”  мобайнида  мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Хонқа тумани Олажа қишлоғининг энг чекка ҳудуди бўлган мазкур дала майдони  ҳам анча йиллардан буён қаровсиз қолиб, фойдаланишдан чиқиб қолган эди.

Умуммиллий лойиҳа доирасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг натижаси ўлароқ, ушбу дала майдони ҳам бугун кўркам боғу-роғга айланмоқда.

Мутахассисларнинг илмий асосланган фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда ушбу беш гектар ерни тутзорга айлантириш режаси ишлаб чиқилди.

Эзгу ишларга эзгу ниятлар ила киришилди.

Вилоят ИИБ бошлиғи Д.А.Назармуҳамедов ва Хонқа тумани Ҳокими М.Давлетовлар эгатларга кўчат экиш жараёнини бошлаб бердилар.

Мазкур жараёнда иштирок қилаётган барча ички ишлар ходимлари ва жамоатчилик вакиллари ҳам ушбу хайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида кўчат экишда фаол қатнашдилар. Дарҳақиқат ҳар бир юртдошимиз ўзидан боғ қолдиришга ҳаракат қилади.  Кун давомидаги самарали мехнат натижасида яна “яшил макон” барпо этилди.

Бошқарма бошлиғи ушбу кўчатлар экилган далани келгусида сув билан таъминлаш, кўчатларнинг тўлиқ ривожланиши учун зарур бўлган агротехник ишловларни ўз вақтида амалга ошириш учун амалий ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.

Албатта барпо этилаётган ушбу тутзорлар мамлакатимизда тобора риводланиб бораётган ипакчилик саноатини янада юксалтиршга ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech