4 Июн 2022 йил 801

“Ёшлар гиёҳвандликка қарши” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига кўра 2022 йилнинг июнь ойи “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” этиб белгиланди. Шу муносабат билан 2022 йил 4 июнь куни Урганч давлат университетида “Ёшлар гиёҳвандликка қарши” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Гиёҳвандликка қарши кураш бўлими маъсул ходими М.Шержанов, Хоразм вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бўлим мудири Б.Хўжахонова, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилояти минтақавий филиали шифокори Ф.Отажанов, шунингдек, УрДУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори С.Давлетов, Педагогика, Табиий фанлар ва Хорижий филология факультетларининг талаба-ёшлари, тюторлари иштирок этдилар.

Тадбирни Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор С.Давлетов кириш сўзи билан  очиб, мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган эътибор, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар тўғрисида сўзлар экан, бу ишлардан пировард мақсад, ёшларимизнинг турли ақидапарастлар тўрига илиниб қолмаслиги, улар ўртасида “Аср вабоси” ҳисобланган гиёҳвандлик ва оғуфурушликка берилишларнинг олдини олиш ҳамда фарзандларимиз қалбини турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Шундан сўнг, тадбир меҳмонлари сўзга чиқиб, ҳозирги кунда республикамизда “Аср вабоси” бўлган гиёҳвандлик ва унга қарши курашиш борасида олиб борилаётганган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари таҳлилидан мисоллар келтириб ўтдилар. Ўз навбатида, гиёҳванд моддаларнинг турлари, уларнинг инсон организми, хусусан, ёшлар организмига етказадиган салбий таъсири ҳақида гапиришар экан, бундай иллатлар ва турли оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун атрофидагилардан бефарқ бўлмаслик, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш талаб этилишини, шу билан бирга ҳар биримиз ёнимиздаги дўстимиз, яқинларимиз учун қайсидир маънода жавобгарлигимизни ҳис этишимиз кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Бундай турли хил иллатлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш учун, аввало, уларнинг мафкуравий иммунитетини ривожлантириш кераклиги тўғрисида гапириб, олий таълим муассасаларида бундай профилактик тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, талаба-ёшларни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилаётган турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, зарур вақтда ана шундай кучларга қарши маърифат илми билан курашиш кераклигини тушунтиришдан иборат эканлиги ҳақида таъкидладилар.

Ўз навбатида маърузачилар таҳлилий маълумотлар ва фактлар асосида гиёҳвандлик, тамаки ва алкоголь моддаларининг гирдобига тушган ёшларнинг организмидаги салбий ўзгаришлар уларнинг умумий соғлигига, жумладан наслга, мия ва юрак қон-томир фаолиятига, руҳиятига, шу билан бирга онгги ва тафаккурига ҳам жуда катта салбий таъсир ўтказиши ҳақида кўргазмали тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда тушунтириб ўтдилар. 

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоблар олишди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech