17 Феврал 2022 йил 1071

“Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ойлиги” доирасидаги тарғибот тадбирлари

Жорий йилнинг февраль ойи мамлакатимизда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш” профилактик ойлиги деб эълон қилинди.

Шундан келиб чиққан ҳолда,  айни кунларда Хоразм вилоятида ички ишлар органлари ходимлари томонидан профилактик тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Урганч шаҳар ИИО ФМБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори майор Ш.Ботирова томонидан 17 февраль куни Урганч давлат университети талабалари билан ўтказилган тарғибот тадбири ҳам “Ёшлар орасида гиёҳвандлик  ва ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари” мавзуси доирасида бўлди.

Майор Ш.Ботирова учрашувда иштирок этган ёшларга гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, шунингдек инсон онги ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни истеъмол қилишнинг ва ОИВ инфекциясининг оқибатлари тўғрисида тушунтириб ўтди.

Йиғилиш якунида иштирокчи ёшларга гиёҳвандлик ва ОИВ инфекциясининг салбий оқибатлари акс этган буклетлар тарқатилди.

Учрашувда сўзга чиққан талабалар жамиятимизни гиёҳвандлик воситаларидан ҳоли қилиш ва фуқароларда айниқса ёшларда гиёҳвандликка қарши муросасизлик кайфиятини шакллантириш борасида фаол бўлишларини таъкидлаб ўтдилар.

Бу борадаги профилактик ва тарғибот тадбирлари жорий ой якунига қадар давом этади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech