28 Октябр 2020 йил 881

ЁШ КИТОБХОНГА “SPARK” ТОПШИРИЛДИ

Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг маънавий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада Хоразм вилояти ИИБ томонидан “Энг яхши китобхон”, “Мен севган асар”, “Бадиий китоблар билимдони”, “Мен севган адиб”, “Китоб − энг яхши дўст” каби кўплаб маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Урганч шаҳрида “Урганч китоб маркази” томонидан “Энг китобхон оила” акцияси доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди. Акцияда 300 нафарга яқин китобсеварлар иштирок этишди. Ҳакамлар ҳайъати акция иштирокчилари билан харид қилган китоблари бўйича савол-жавоблар ўтказишди. Энг зукко ва зеҳнли китобхонлар орасида ўтказилган танловда Урганч давлат университетининг 1-босқич талабаси Гўзал Матризаева мутлақ ғолиб чиқди ва унга бош соврин “SPARK LUX” русумли автомашина тантанали равишда топширилди.

− Китоб − хазиналар калити, тафаккур чироғидир, − дейди вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси хотин-қизлар билан ишлаш бўйича бош инспектори, майор Юлдуз Ҳамдамова. − Зеро, тафаккури, дунёқараши кенг, маърифатли кишилар жамиятмизнинг чинакам таянчи, қудратли кучидир. Маънавият эса инсонда китоб ўқиш орқали шаклланади. Ҳар қандай янгилик бир кун келиб эскиради. Бироқ инсониятнинг асрлар давомида қўлга киритган тафаккур дурдоналари бўлмиш китоб асло эскирмайди. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда китобдан-да улуғроқ ва қудратлироқ восита йўқ.

Тантанали тадбирда вилоят ахборот-кутубхона маркази ходимлари ҳам иштирок этиб, акцияда фаол иштирок этган китобхонларга хазиналар калити бўлган турли китоблар совға қилишди.

“Энг китобхон оила” акцияси 2021 йилнинг 21 мартига қадар давом этади.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Postda” мухбири

Text to speech