11 Январ 2022 йил 479

“Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эълон қилинган “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасида Ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси ташаббуси билан “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

2021 йилда ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинларининг ғолиби бўлган “Хоразм” жамоасининг вакиллари томонидан олиб борилган мазкур “Заковат” интеллектуал ўйинида вилоятдаги ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва улар таркибидаги таълим муассасалари ўқувчиларидан ташкил топган жами 7 та терма жамоа аъзолари фаол иштирок этди.

Ўткир зеҳн ва теран фикрлаш қобилиятига эгалигини намоён эта олган Хоразм вилояти Божхона бошқармаси ва Миллий Гвардия ходимлари ҳамда ИИВ Хоразм академик лицейи ўқувчиларидан иборат билимдонлар жамоалари “Заковат” интеллектуал ўйинида муносиб равишда ғолибликни қўлга киритиб, мусобақа дипломи ва ишқибозларнинг олқишига сазовор бўлдилар.

Шунингдек, беллашувда фаол иштирок этган Хоразм вилояти ИИБ шахсий таркибидан иборат жамоа якунда тўртинчи ўриндан жой олди.

Иштирокчилар томонидан ғолибларга топширилган китоблар жамланмаси нафақат уларнинг шахсий кутубхонасини шу билан биргаликда билимларини ҳам янада бойитиши шубҳасиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати  

Text to speech