19 Феврал 2021 йил 740

Жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Шовот туманининг Гулистон маҳалласида яшовчи шахс томонидан жорий йилнинг 15 февраль куни содир этилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳолати жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлди.

17 февраль куни Шовот туманида мазкур жиноятнинг келиб чиқишга сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш, келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсадида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов, вилоят прокурори адлия катта маслаҳатчиси Б.Б.Қудратхўжаев, вилоят Ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ж.Қ.Садуллаев ҳамда Шовот тумани сектор раҳбарлари, Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туманнинг “Гулистон” маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар иштирок этдилар.

Дастлаб, жиноят тафсилоти тўғрисида Шовот тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчиси томонидан ахборот берилди.

Шундан кейин, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи бугунги кунда вилоятимизни жиноятлардан бутунлай ҳоли ҳудудга айлантириш борасида жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирларга қарамасдан бу каби жиноятларнинг содир этилиши асло кечириб бўлмас ҳолат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Мазкур жиноят олди олиниши мумкин бўлган жиноят эканлигидан келиб чиққан ҳолда, Шовот туманининг “Гулистон”” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ва профилактика инспекторининг жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Вилоят прокурори сўзга чиқиб, туман ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмаётганлигини ҳамда масъул раҳбарлар томонидан бу йўналишдаги ишларга лозим даражада эътибор қаратилмаганлигини айтиб ўтди.

Муҳокама якунида, мазкур жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар чуқур ўрганилиб, ўз хизмат вазифаларини бажаришда сусткашликка йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий чора қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech