“Зўравонликка қарши 16 кун”: Ҳудудларда тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда
БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резалюциясига кўра “25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш куни” деб эълон қилинган.
2014 йилда эса БМТ Бош котиби хотин-қизларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга қаратилган “UNiTE” номли ташаббусини очиқ деб эълон қилди. Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.
Бу борада мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан сана муносабати билан таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзусида семинар-тренинг ва турли тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Хива тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори катта лейтенант С.Худайберганова томонидан туманидаги касб-ҳунар мактабида таҳсил олаётган ўқувчи қизлар ва педагоглар иштирокида ўтказилган тарғибот тадбири ҳам айнан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларига қаратилди.
Шунингдек, семинар давомида жамиятимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кундалик ҳаётимизга тўлиқ ва тўғри татбиқ этиш борасида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Семинар якунида барча иштирокчиларга ички ишлар органлари томонидан тайёрланган ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид буклетлар тарқатилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати