27 Ноябр 2021 йил 521

“Зўравонликка қарши 16 кун”: Шовот туманида ўтказилган тарғибот тадбирлари таассуротларга бой бўлди

Хоразм вилоятида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилаётганлиги тўғрисида илгари ҳабар берган эдик.

Бу борада Шовот туманида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ўтказилаётган тарғибот ва профилактик учрашувлар алоҳида эътироф лойиқ десак муболаға бўлмайди.    

26 ноябрь куни Шовот тумани ҳокимлиги мажлислар залида Хоразм вилояти ИИБ ва туман бўлими, туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган “Зўравонликка қарши 16 кун” Халқаро акциясига бағишланган тадбир бир қанча мақсадларни қамраб олди. Тадбирда Шовот тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Оташева, Хоразм вилоят ИИБ ҲПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Д.Боғибекова, Шовот тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Р.Эшмурадов, туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори М.Режабова ва маҳалла фаоллари ҳамда психологлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб, ушбу масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганлигини айтиб ўтдилар.  

Қолаверса, зўравонликни олдини олиш, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳуқуқий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳимоя ордерларини жорий этилиши натижасида бир қатор оилалар тинчлиги ва тотувлиги таъминлангани борасида гапириб ўтилди.

Шунингдек, келгусида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини янада оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида маҳалла фаоллари, психолог ва отинойилар муносиб рағбатлантирилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech