Хоразм вилоятида ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож оилаларга нақд пул шаклидаги моддий ёрдамларни тарқатиш бошланди
Хоразм вилоятида коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, жумладан ҳар бир маҳаллада фуқаролар йиғини раҳбарлигидаги ишчи гуруҳдан иборат Штаблар тузилганлиги, ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтожлар рўйхати шакллантирилганлиги ва уларга эҳтиёжмандлик ҳолати бўйича мурожаат қилиш тартиби юзасидан эслатма варақалари тарқатилганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
Бугун Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларида сектор раҳбарлари ишчи гуруҳ аъзолари ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида ажратилган нақд пул шаклидаги моддий ёрдамларни тарқатиш жараёнини бошладилар.
Пул маблағларининг ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтожлиги сабабли рўйхатга киритилган фуқароларга тўлиқ ва қисқа муддатда етказилишини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятида хизмат сафари билан бўлиб турган ИИВ масъул ходими полковник М.М.Мухаммаджонов, вилоят ИИБ масъул ходимлари ва ҳудудий профилактика инспекторлари ҳам фидойилик кўрсатмоқдалар.
Албатта амалга оширилаётган чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлашдир.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати