7 Ноябр 2021 йил 640

Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиблари аниқланди

Урганч шаҳрида ички ишлар органларининг патруль-пост хизматлари ўртасида “Намунали патруль-пост хизмати ходими” ва “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловларининг республика босқичи бошланганлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Мазкур кўрик-танловлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги “Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаларининг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш, билим савиясини ошириш, уларнинг хизмат ва жанговар шайлигини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Ҳудудий ички ишлар органларининг патруль-пост хизматлари ўртасида ўртасида ўтказилган “Намунали патруль-пост хизмати ходими” ва “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловларининг ғолиблари 4-6 ноябрь кунлари Урганч шаҳрида бўлиб ўтган республика босқичида ўзаро беллашдилар.

3 кун давом ўтган беллашувлар жараёнида иштирокчилар ўзларининг соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзлаштирганлик даражаси, табель қуролидан амалий ўқ отиш, қўл жанги усулларини бажариш, тўсинда тортилиш, 100 метрга югуриш, 3000 метрга югуриш, 50 метрга сузиш ва саф тайёргарлиги бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этишди.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида кўрик-танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси ва Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти сўзга чиқиб, барча қатнашчиларни кўрик-танловдаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдириб келгуси фаолиятларида омад тиладилар.

Шундан кейин кўрик-танлов ғолибларига диплом, медаль ва қимматбаҳо совғаларни топширишга киришилди.

“Намунали патруль-пост хизмати ходими” кўрик-танловида Тошкент вилояти ИИБ вакили сафдор Шерозбек Ўлмасов 3-ўринга лойиқ кўрилган бўлса, 2-ўриндан Хоразм вилояти ИИБ вакили сержант Дониёр Ибрагимов жой олди, фахрли 1-ўринни эса Навоий  вилояти ИИБ  вакили сафдор Шерали Султанов эгаллади.

 “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-таловида эса  3-ўринга Тошкент шаҳар ИИББ вакили лейтенант Санжарбек Абдуманнобов лойиқ кўрилган бўлса, 2-ўриндан Хоразм вилояти ИИБ вакили катта лейтенант Анвар Мадримов жой олди, фахрли 1-ўринни  Жиззах вилояти ИИБ вакили майор Ғофуржон Шарипов эгаллади.

Шундан кейин уч кун давом этган беллашувлар якунига кўра умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритган жамоалар номи эълон қилинди.

Умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти ИИББ терма жамоаси шохсупанинг учинчи поғонасини банд қилган бўлса, иккинчи поғонадан Жиззах вилояти ИИБ терма жамоаси муносиб ўрин эгаллади, кўрик-танловда мезбонлик қилган Хоразм вилояти ИИБ терма жамоаси эса фахрли 1-ўринни эгаллаб, шохсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Шунингдек кўрик-танловда фаол иштирок қилганларга ташаккурнома, ҳамда барча иштирокчиларга ИИВ ва Хоразм вилояти ИИБ томонидан тайёрланган қимматбаҳо ва эсдалик совғалар топширилди.

Тантанали тадбир иштирокчилар ва патруллик хизматини ташкил этишда фойдаланиб келинаётган махсус транспорт воситаларининг тантанали юриши билан якунланди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech