Мақсад турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш
Мақсад турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш
Хоразм вилоятида “Жиноятчиликка қарши курашиш ойлиги” доирасида бир қатор тезкор-профилактик чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
“Жиноятчиликка қарши кураш ойлиги”ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан бугун ов милтиғига эга бўлган, вилоятда истиқомат қилувчи барча фуқароларнинг хонадонларида ҳудудий профилактика инспекторлари ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Мазкур профилактик тадбирлар жараёнида фуқароларнинг ов қуролларини сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиб қоидаларига риоя қилиш аҳволи ҳам назорат тартибида текшириб чиқилди. Бу борада қоидабузарликка йўл қўйган фуқароларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, аниқланган камчиликларнинг жойида бартараф этилиши таъминланди.
Кундалик ҳаётда ов қуролларини сақлашда лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўйилганлиги натижасида турли нохуш ҳолатлар келиб чиққанлигини инобатга оладиган бўлсак, айни кунларда ўтказилаётган профилактик чора-тадбирлар келгусида кутилмаган кўнгилсизликларнинг олдини олиши табиий.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати