9 Сентябр 2020 йил 1929

“Қорадори-2020”: Гиёҳфурушларнинг қилмишлари фош этилди

Хоразм вилоятида “Қорадори-2020” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи бўлиб ўтаётганлиги ва тадбир давомида каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ва етиштириш билан боғлиқ бир неча ҳолатлар фош этилганлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Энди эса “Қорадори-2020” тезкор-профилактик тадбирнинг иккинчи босқичи давомида Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан фош этилган,  гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноий ҳолатлар юзасидан маълумот берамиз.

Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 28 август куни ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Урганч шаҳрида яшовчи, 1978 йилда туғилган, илгари гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган, М.Х. битта гугурт қутисига жойланган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 500 000 сўмга сотаётганида ушланди. Шунингдек унинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салонида алоҳида қадоқланган яна икки бўлак “марихуна” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб сақлаб қўйганлиги маълум бўлди.

Жорий йилнинг 10 август куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, битта гугурт қутисига жойлашган “марихуна” гиёҳвандлик воситасини сотаётган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган, У.Х. нинг қилмишлари фош этилди. Суриштирув жараёнида у гиёҳвандлик воситасини , ҳамшаҳари, 1983 йилда туғилган, илгари гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жинояти учун судланган, У.Б. дан олганлиги маълум бўлгач, У.Б. га тегишли қаҳвахона кўздан кечирилганида,  у ердан яна учта гугурт қутисига жойланган “марихуна” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Афсуски, айрим хотин-қизлар ҳам гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноятларга қўл урмоқдалар.

Хусусан, жорий йилнинг 7 сентябрь куни вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, 35 грамм оғирликдаги “опий” гиёҳвандлик воситасини 12 миллион сўмга пулламоқчи бўлган, шу шаҳарда яшовчи, 1970 йилда туғилган, Ф.О. исмли аёлнинг қилмишига чек қўйилди. Ушбу аёл ўз уйида келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб, яна бир бўлак “опий” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги тинтув жараёнида маълум бўлди.

Шунингдек, жорий йилнинг 2 сентябрь куни ички ишлар органлари томонидан Урганч туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда эса, шу туманда яшовчи, 1994 йилда туғилган, М.Р. исмли аёл “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга сотаётган пайтида қўлга олинди. Ҳайратланарли томони шундаки, 26 ёшни қаршилаган ушбу аёл жорий йилнинг 13 август куни гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 5 000 000 миллион сўмга пуллаётган пайтида ушланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди.

Гиёҳфурушликка қўл урган юқоридаги шахсларнинг барчасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз юртдошлар! Гиёҳвандлик бу иллатдир, уни кундалик ҳаётингизга кириб келишига асло йўл қўйманг.

“Қорадори-2020” тезкор-профилактик тадбири давом этмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech