2 Декабр 2022 йил 1021

Террорчилик ташкилоти сафига қўшилишга уринган шахсларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди  

Хоразм вилояти, Хива шаҳрида яшовчи 4 нафар 2002-2004 йилларда туғилган ёшлар “Р.Ж.”, “С.О.”, “К.М.” ва “Х.А.”лар Интернет тармоғида “Содиқ Самарқандий”, “Абдуллох Бухорий” ва “Абдуллох Зуфар” тахаллусидаги шахсларнинг маърузаларини тинглаши оқибатида ақидапарастлик ғоялари таъсирига берилган ҳамда Сурия ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилиш фикри туғилган. Шу мақсадда, улар кейинчалик Интернет  орқали террорчилик ташкилотлари аъзолари билан алоқа ўрнатиб, уларнинг йўл-йўриғи ва кўмагида жангарилар лагерига чиқиб кетишни режалаштирганлар.

Мазкур фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг 2022 йил 22 июль кунидаги ҳукмига биноан ушбу шахслар турли муддатларга жиноий жавобгарликка тортилдилар.

Шу ўринда, ватандошларимиздан муқаддас динимизни бузиб талқин қилаётган юқоридаги каби “мафкурачи”ларнинг гўёки “чиройли” маърузалари таъсирига берилмасликларини сўраймиз. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай тарғибот ресурсларидан фойдаланиш амалдаги қонунчиликка кўра жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech